Янгиликлар
main
Cўнгги 9 ойда “Тез ёрдам”га қанча чақириқ келиб тушди?
12.10.2022 230

Ҳеч бир инсон хасталикдан ҳимояланган эмас. Айниқса, ҳаёт учун хавф туғдирувчи оғир касалликлар сурункали кечиши, нохуш асоратларга олиб келиши билан хавфли. 

Табиийки, дард хуруж қилган бундай қалтис пайтда беморга тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш унинг ҳаёти ва саломатлигини асрашда жуда муҳим. Бунда эса тиббиёт ходимлари, хусусан, “Тез ёрдам” бригадалари зиммасига катта масъулият юкланади.  

Қайд этиш лозим, бугун мамлакатимизда шаклланган тез тиббий ёрдам хизмати аҳолига сифатли ва замон талабларига мос хизмат кўрсатиш имконини бераётир. Айниқса, жорий йил юртимизда тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими яратилаётгани натижасида халқимизнинг унга бўлган ишончи янада ортмоқда.

Буни эса 2022 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида “103” хизматига келиб тушган чақириқлар сонидан ҳам билиш мумкин.

— 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатимиз бўйича “Тез ёрдам”га жами 9 миллион 662 минг 689 та чақириқ келиб тушиб, мамлакатимиз бўйича ҳар 1 000 нафар аҳолига ўртача 271 та мурожаат тўғри келди, — дейди Республика тез тиббий ёрдам марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Юлдашев. — Шундан 908 минг 592 нафар бемор шифохоналарга госпитализация қилинди.

Энг кўп мурожаатлар:
📌 Фарғона вилоятида 1 миллион 123 минг 698 та (11,6 фоиз), 
📌Андижон вилоятида 1 миллион 39 минг 160 та (10,75 фоиз), 
📌Тошкент вилоятида 943 минг 865 та (9,77 фоиз), 
📌Тошкент шаҳрида 939 минг 144 та (9,72 фоиз),
📌 Наманган вилоятида 906 минг 52 та (9,38 фоиз) қайд этилган.

Таққослаш учун айтсак, ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларида юртдошларимиздан тез тиббий ёрдамга жами 9 миллион 233 минг 973 та чақириқ келиб тушган эди.