Ижтимоий тармоқларда етти йиллик тажрибага эга бўлган тез тиббий ёрдам ходимига 12 миллион сўм миқдорида жарима солингани танқид қилинган хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аниқланишича, 2023 йил 1 апрель куни соат 23:14ларда Республика тез тиббий ёрдам марказининг Тошкент шаҳар филиали Call-марказига Юнусобод тумани 15-даҳа, 31 уй, 81-хонадон манзили бўйича аёл беморга “кўкрак қафасидаги оғриқ” сабаби билан чақирув келиб тушади. Чақириқ эгаси ўз мурожаатида Call-марказ диспетчерига аёл шифокор электрокардиограф тиббий ускунаси билан келишини сўрайди.
Бироқ ҳудудга бириктирилган ва чақириқдан бўшаган бундай мобил гуруҳ бўлмагани боис ушбу мурожаат тегишлилиги бўйича Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам хизмати Юнусобод бўлимининг бошқа бригадасига йўналтирилган.
Бу ҳақда туман тез тиббий ёрдам бўлими диспетчери қўнғироқ қилган шахс, яъни беморнинг ўғлини огоҳлантирган ҳамда белгиланган тартибга мувофиқ чақирувга энг яқин масофада турган шифокор ва фельдшердан иборат гуруҳни юборган.
Бригада чақирилган манзилга етиб келганида, чақириқ эгаси тез тиббий ёрдам ходимларини уйга киритмай, уларга беморни кўришга рухсат бермаган.
Шунингдек, қўнғироқ қилган шахс аёл шифокор бўлган тиббий бригада келгунига қадар “Тез ёрдам” ходимларидан электрокардиограф жиҳозини қолдириб кетишни талаб қилган. Шундан сўнг етиб келган бригада гувоҳлигида Юнусобод тумани диспетчерига қўнғироқ қилиб, ўз норозилигини билдирган ва тиббиёт ходимларига ҳақоратли сўзлар билан таҳдид қилган.
Қолаверса, фуқаро диспетчернинг хотиржам гаплашишини эшитиб, уни лаёқатсизликда айблаган. Бу вақтда чақириқдан бўшаган аёл тиббиёт ходимидан таркиб топган тез тиббий ёрдам бригадаси ушбу манзилга бориб, белгиланган стандартларга мувофиқ беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатган.
Шунга қарамай, беморнинг ўғли “102” хизматига ўз даъволари билан мурожаат қилган. Ўз навбатида “Тез ёрдам” диспетчери ҳам мазкур фуқаро уларни ҳақорат қилгани ва тиббий фаолиятга (https://t.me/Press_Secretary_Uz/3009) аралашгани ҳамда тўсқинлик қилгани юзасидан “102” ходимларига ариза қолдирган.
2023 йил 10 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман Судлов ҳайъати томонидан таҳдидни аниқлаш ва қайта кўриб чиқиш учун экспертиза тайинланган ва суд иши қолдирилган. Навбатдаги суд ишини кўриб чиқиш санаси томонларга билдирилмаган.
Суд иши натижалари ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берилади.
Республика тез тиббий ёрдам маркази
Матбуот хизмати